"Манчестер Юнайтед" жамоаси бош мураббийи Луи ван Гаал ўз шогирдларининг "Борнмут"дан мағлуб бўлишидан жаҳли чиқмаган ва уларнинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилган. Унинг фикрича, "МЮ" мағлубиятга лойиқ ўйин кўрсатмаганди.

"Биринчи таймда биз ўз ўйинимизни кўрсата олдик ва голли вазиятлар яратдик. Менимча, танаффус бўлиб қолиши бизни ғалабадан айро қилди. Иккинчи таймда рақиб тасодиф орқасидан иккинчи голни уриб қўйди ва ҳисобни тенглаштириш машаққатли ишга айланди. Чунки, "Борнмут" натижани сақлаб қолиш учун ҳимояга ётиб олиб, ўз мақсадига эришди. Биз охиригача ўйинни сақлаб қолишга тиришдик, вазиятларга эга бўлдик, лекин омадимиз келмади. Турнир жадвалининг қуйи қисмидаги жамоадан мағлуб бўлиш жуда оғриқли бўлсада, футболчиларимнинг характер кўрсата олишганини қайд этишим керак. Уларнинг ўйини менга ёқди", дейди голландиялик мутахассис.

Ҳолбуки, бироз олдинроқ, "МЮ" футболчилари охирги 3 ўйиннинг иккинчи таймларида дарвозаларга биттадан ортиқ зарба бера олишмагани маълум қилинганди.

Қолаверса, "МЮ" "Борнмут"га 1:2 ҳисобида ютқазиш орқали ғалабасиз сериясини 5та ўйинга етказди.

Жамоа охирги ғалабасини 21 ноябрь куни, "Уотфорд"га қарши ўйинда (2:1) қайд этганди. Шундан сўнг "ПСВ" (0:0), "Лестер" (1:1), "Вест Ҳэм" (0:0), "Вольфсбург" (2:3) жамоалари билан ўйинларда очко йўқотилганди.

Айни вақтда жамоа, 16 тур ўйинлари якунланмаган бир пайтда турнир жадвалида 29 очко билан тўртинчи ўринда турибди. Тур якунида "Тоттеҳэм" жамоасида "МЮ"ни қувиб ўтиш имконияти мавжуд.

"Манчестер Юнайтед" футболчилари ўтказилган 16та ўйинда 21та гол уриб, 12та ўтказиб юборишган.