Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 3 декабрдаги қўшма қарор билан 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда алкоголь маҳсулотларининг чакана ва улгуржи нархлари оширилади.

Жумладан, юқори қувватга эга ароқ ва бошқа маҳсулотларнинг минимал улгуржи нархи 10.5 минг сўм қилиб белгиланди (айни пайтда 9 минг сўм); чакана нарх эса 12.6 минг сўмни ташкил қилади (бугунги нарх – 10.9 минг сўм).
Коньякнинг минимал улгуржи нархи 25.2 фоизга ошиб, бугунги 11.1 минг сўмдан 13.9 минг сўмга ошади. Минимал чакана нарх ҳам шундай пропорцияда ошиб, 13.4 минг сўмдан 16.7 минг сўмга кўтарилади.

Вино нархи ўртача 18 фоизга ортиб, минимал улгуржи нархи 3.8 минг сўмдан 4.5 минг сўмга, минимал чакана нархи эса 4.6 минг сўмдан 5.4 минг сўмга кўтарилади.
Пиво нархидаги ўзгаришлар ҳозирча кўзда тутилмаган.
Таъкидланишича, алкоголь маҳсулотлари минимал нархининг оширилиши бундай маҳсулотларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва реализация қилишига йўл қўймаслик учун амалга оширилмоқда.