Бельгия федерал ҳукумати террорчиликка қарши кураш чораларини қаттиқлаштириш мақсадида мамлакат конституциясига киритилиши таклиф қилинган ўзгартишни тасдиқлади. Бу ҳақда Contact радиостанцияси хабар бермоқда.

Киритилаётган ўзгартишга кўра, жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсларни вақтинчалик маҳбусликда сақлаш муддати бугунги 24 соатдан 72 соатга узайтирилади.
Бундан ташқари, терактларнинг олдини олиш ҳамда террорчилар ва уларнинг ёрдамчиларини аниқлаш бўйича қабул қилинаётган 18 чора-тадбирдан иборат пакет полициячиларга сутканинг ҳар қандай вақтида тегишли жойларда тинтув ўтказиш ҳуқуқини беради. Амалдаги қонунчилик бундай тадбирларнинг кечки 9дан эрталабки 5гача ўтказилишини тақиқлар эди. Шу билан бирга, суд рухсатномасининг тақдим этилиши талаби бекор қилинмади.

Чоралардан яна бири мамлакат ҳудудидаги масжидларда салафийлик ғояларининг тарқатилишига йўл қўймаслик билан боғлиқ. Бундан ташқари, махсус хизматлар гумондор шахсларни кузатиш ҳамда уларнинг қўнғироқларини этиши борасидаги ваколатлари кенгайтирилди; шунга қарамай, бундай тадбирлар учун ҳам суддан рухсатнома олиш талаб сақлаб қолинди.

Суриядан Бельгия қайтиб келган жиҳодчилар қамоққа олиниши белгиланди. Сурияга кетишга интилаётган шахсларга нисбатан электрон кишанлар қўлланилиши маъқулланди. Ниҳоят, полиция ва махсус хизматлар бюджетини кенгайтириш кўзда тутилди.

Қироллик бош вазири Шарль Мишел 2016 йили Бельгия ҳукумати хавфсизлик чораларини ошириш тадбирларига қўшимча тарзда 400 млн евро ажратишини хабар қилди.