Иш қидириб Қашқадарёдан Тошкентга келган икки дўст – Ҳамид Ботиров ва Усмон Қурбонов арзимас сабаб билан жанжаллашиб қолишди, оқибатда улардан бири ҳаётдан кўз юмди, иккинчиси эса узоқ йилларга қамалди. Воқеа тафсилотларини “Ҳуқуқ” газетаси келтирмоқда.

Айтилишича, бу йигитлар бир хонадонни ижарага олиб туриб келишган. Кунлар давомида иш қидиришган, аммо натижага эриша олмаган. Мана шундай кунларнинг бирида улар емакхонага кириб, спиртли ичимлик ичишган. Маст ҳолда ўзаро талашиб қолишган. Даҳанаки жанг муштлашувга ўтиб кетган.

Ҳамид Ботиров мастликда ўзини билмай қолиб, стол устидаги пичоқни дўсти Усмон Қурбоновнинг кўкрагига санчган, сўнг томоғини кесиб юборган. Бундай оғир жароҳатлар оқибатида Қурбонов воқеа жойида оламдан ўтган. Бироз вақтдан сўнг кайфи тарқаб, қилмишини тушуниб етган Ботиров ички ишлар идорасига ўзи хабар берган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ўз дўстининг қотилига айланган Ботировга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.