Эндиликда Ўзбекистонда ҳамма ҳам яккахон концерти дастурини бера олмайди

Маданият 14 Декабрь 2015 21374

Сўнгги вақтларда уч-тўртта қўшиқ яратиб, радио-телевидение орқали намойиш этган хонандалар ҳам катта санъат саройларида яккахон концертларини бериш урфга айланиб қолган эди. Ҳали исм-шарифини кўпчилик эслаб қолмаган, биргина қўшиғи билан озроқ танилган хонанданинг “Истиқлол” ёки “Туркистон” санъат саройларида кўп кунлик концерт дастурини ўтказаётгани кишига эриш туюлади. Ахир ҳали кўпчиликнинг унинг исм-шарифини ҳам тўлиқ эсда сақлаб қолмаган бўлса, бир-икки таронаси мухлисларга манзур бўлиши билан яккахон концертини ўтказишга киришиб кетаётгани эътирозларни келтириб чиқарди ҳам.

Ўзбекистонда концерт-томоша фаолияти мувофиқлаштириш, миллий мусиқа санъатини янада ривожлантириш, бадиий жиҳатдан юксак асарларни тарғиб қилиш,лицензиатларнинг аҳолига маданий хизмат кўрсатиш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаштириш мақсадида 2015 йил 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 354-сонли қарори қабул қилинди.

“Ушбу қарорга мувофиқ, эндиликда фақатгина концерт-томоша фаолиятининг I – II рейтинг гуруҳи лицензиясига эга хонандалар ўз яккахон концерт дастурларини ташкил этишлари мумкин, – деди “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Лицензия бўлими бошлиғи Одил Абдуқаҳҳоров Kun.uz мухбирига. – Бундай лицензиялар махсус комиссия хулосасига кўра тақдим этилади. Мазкур хулосани чиқариш учун ижрочилар белгиланган мезонлар ва малака талабларига мос келишлари лозим. Жумладан, санъаткорларнинг рейтинги, унвонига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Унвони йўқ, аммо халқ орасида обрўси баланд хонандалар ҳам хулосага кўра олий тоифали санъаткорлар лицензиясига эга бўлиб, яккахон концерт дастурларини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Бундан ташқари, концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш учун лицензиянинг энг кам муддати бир йил қилиб белгиланди. Шу вақтга қадар хонандалар ўз имкониятидан келиб чиқиб, 3, 6, 9 ой муддатга ҳам лицензия олишлари мумкин эди”.

Маълумот учун, лицензиянинг рейтинг гуруҳлари 1 – 6- тоифалари мавжуд бўлиб, 1 – 4- тоифалар профессионал фаолият учун тақдим этилади. Яъни концерт томошаларини ташкил этиш, оммавий ахборот воситаларида қўшиқлар ва видеоклиплар тақдим этиш имкониятига эга бўлади. 5 – 6- тоифалар эса фақатгина тўй, юбилей ва бошқа танталарда, кўнгилочар ташкилотларда концерт хизматини кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Кўпроқ янгиликлар