Сергей Путилов муаллифлигида «Новые Известия» интернет-нашри сайтида чоп этилган «Қора олтин учун қора кунлар» номли мақолада нефть нархлари пасайишининг Россия иқтисодиёти учун салбий оқибатларини кўриб чиқилган. Бу мақола "Телеграф.уз" нашрига жойлаштирилган.

Муаллифнинг ёзишича, 7 декабрь куни нефть нархлари 5 фоиздан зиёдга, яъни қарийб 7 йил давомидаги минимал даражага пасайди. Ушбу пасайишга 4 декабрь куни ОПЕК аъзо-давлатларининг 2016 йил июнь ойидаги кейинги мажлисгача квоталар белгиламаслик ҳақидаги келишуви сабаб бўлди. 7 декабрь куни ўтказилган савдоларда нефть қиймати бир йўла 2,27 долларга пасайиб, бир баррель учун 40,73 долларни ташкил этди. Бу 2009 йил мартидан буён кузатилган энг минимал даража ҳисобланади. Шунга қармай, экспертларнинг фикрича, нефть ҳали энг пастки даражага етиб бормади. Дунёда нефть ортиқчалиги даври давомий бўлади, чунки Саудия Арабистони қазиб олиш ҳажмларини қисқартиришни истамайди. Йил бошида эса Эрондан санкциялар олинганидан сўнг бозорга янги нефть ҳажмлари кириб келади.

Мазкур шароитда «россияликлар ҳозирданоқ «қора олтин» нархлари пасайиши таъсирини ҳис қилдилар». Лекин, декабрнинг қолган уч ҳафтасида нархлар 2008 йилдаги минимумга тушиши кутилмоқда (1 баррель учун 36 доллар) ва бу барча кутаётган пасайиш бўлади. Бундай вазиятда доллар 75 рублдан баланд даражада ўрнашади.

Иқтисодиёт учун янги девальвация ва бюджет даромадларининг пасайиши яхши янгилик эмас. Ишсизликнинг ўсиши, ЯИМ пасайиши, инфляциянинг янги ошиши – кейинги 2016 йилда россияликларни кутиб турган муаммолардир. Ваҳоланки, рубль ҳам қадрсизланишда давом этмоқда. Муатахассисларнинг фикрича, Россия валютаси ортиқча баҳолангани боис пастга қараб кетишга давом этади. Мазкур ҳолатда экспертлар 2014 йилнинг қишида бўлгани каби валюта ва истеъмол саросимаси қайталаниши мумкин деган фикрда. Бироқ, унинг кўлами ўтган йилдагига нисбатан анча кичик бўлади, чунки россияликларда хорижий валюта ёки қимматли техникани сотиб олиш учун шунчаки захира қолмади.