Хорижий брендлар остида сотилаётган пойабзаллар маҳаллий маҳсулотларга нисбатан 2-3 баробар қимматроқ сотилади. Бу ҳақда “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси бошқаруви раисининг ўринбосари Шарифжон Шералиев маълумот берди.

“Оила даврасида” мухбирининг нега одамлар чет элда ишлаб чиқарилган оёқ кийимларига, улар қиммат бўлса ҳам, сотиб олиши ҳақидаги саволига жавобан у шундай деди:

“Бу ерда ҳамма гап хорижий брендга бориб тақалади. У маҳсулотнинг 2-3 баробар қимматлашишига олиб келади. Ушбу масалада тенгма-тенг рақобат қилиш мақсадида Италиянинг бир машҳур компанияси бренди билан ишламоқчи бўлдик.

Аммо улар бунинг учун жуда юқори шартларни қўйишди. Шу боис лойиҳа уюшмага тўғри келмади. Биз аввало, халқнинг истаги, талаби асосида иш юритишимиз лозим. Нарх-навони мўътадил ушлаб туришимиз керак”.

Шералиевнинг маълумот беришича, Ўзбекистонда ҳар йили жами 12 миллион жуфт пойабзал тайёрланади. Унинг қарийб 7,5 миллиони уюшма ҳиссасига тўғри келади.
“Асосан эркаклар оёқ кийими кўп чиқарилмоқда.

хозир уюшма ва унинг таркибидаги корхоналар эркаклар оёқ кийимига бўлган талабни 70-80 фоизга қаноатлантирмоқда. Улар чет элникидан 30-40 фоиз арзон”, - қўшимча қилди мутахассис.

Шу билан бирга, айни пайтда аёллар ва болалар учун оёқ кийим чиқарувчи корхоналар камлиги эътироф этилди.

“Аёллар ва болалар пойабзали ишлаб чиқарадиган корхоналаримиз йўқ эмас. Аммо бир йилда атиги юз минг жуфт аёллар пойабзали тайёрланади, - тан олди Шералиев. – Айни пайтда бу пойабзаллар аҳоли эҳтиёжининг 13 фоизини таъминламоқда.

У ҳам бўлса енгил оёқ кийимлари ҳисобига. Ҳозир ёзги ёки олди ёпиқ шаклдаги бошмоқлар четдан келмайди. Ҳаммасини ўзимиз ишлаб чиқарамиз. Хушбичим, модага монанд туфли, этиклар ишлаб чиқаришда айрим муаммолар мавжуд. Аввало, уларни тайёрлаш мураккаб жараён.

Яна бир томони, аёлларнинг хоҳиши, модаси тез-тез ўзгариб туради. Бу, ўз навбатида, янги модельерлар, дизайнерлар, кадрлар масаласини ўртага қўяди.

Буни ҳал этиш мақсадида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ўтган йилдан бошлаб қўшимча соҳалар очилди. Ҳозир бу ерда технологлар, дизайнерлар, конструкторлар ва тери бўйича мутахассисликлар бор.

Тез орада терини қайта ишлаш бўйича ҳам соҳа очилади. Қолаверса, уюшма таркибидаги корхоналар манзилли дастур асосида тўлиқ модернизация қилинганидан кейин бу борадаги самарадорлик янада ошади. Яқин 2-3 йил ичида аёллар ўзимизда чиқарилган истаган пойабзални танлаш ва харид қилиш имконига эга бўлади”.