Қозоғистонда яшаётган турклар Россия ва Туркия ўртасида ядровий уруш келиб чиқишидан қўрқмоқда

Жаҳон 14 Декабрь 2015 12133

Қозоғистон Россия-Туркия ихтилофида нейтрал позициядан туриб гапиришга уринаётганига қарамай, халқ орасида муҳокамалар тўхтамаяпти, деб ёзади маҳаллий матбуот. Қозоғистонда истиқомат қилаётган туркияликлар бу борадаги муносабатларини билдириб ўтишди.

“Албатта, тўғрисини айтиш керак. Туркияни ҳақ деб ҳисоблайман, чунки халқаро қоидалар бор. Барча уларга амал қилиши шарт. Агар Туркия ҳаво кучлари бундай қилмаса, истаган одам давлатимиз ҳаво ҳудудида учиб юрарди”, - дейди Олмаота кафеларидан бирини қандолатчиси Саломи Жўшқин.

“Бундай ҳолатлар бўлган, лекин улар ҳеч қачон ихтилофга олиб келмаган. Ўйлайманки, барчаси музокараларда ҳал бўлади, шунчаки вақт керак. Агар вазият ижобий ҳал бўлмаса, Россия ютиб чиқмайди. Мен Туркияни қўллаб-қувватлайман”, - қўшимча қилди у.

“Дўстларим сиёсатчилар ҳар доим мантиққа таянади деб ўйлар эди. Путин Туркия ва туркларни яхши кўрарди, эндичи? Ҳаммаси бир лаҳзада ўзгарди. У бизнинг орзуларимиз, дунёмизни вайрон этди”, - унинг фикрларини такрорлайди “Расмтор” супермаркетларидаги новвойхоналар эгаси Ҳалим Гунаш.

“Биз маданиятли инсонлармиз, биз тўқнашаётган раҳбарларни деб зарар кўришни истамаймиз. Бизнинг россиялик келин ва куёвларимиз бор, бу бирликнинг мевалари эса бизнинг болаларимиздир. Қайта қуришдан сўнг яқинлашдик, бизнинг умумий инвестицияларимиз, иқтисодий ва тижорий боғларимиз бор”, - сўзида давом этди у.

“Бугун бўлаётган ишлар халқаро қоидаларга, туркиялик туристларга болаларча ёндашишдир. Оддий одамлар ҳам бор, улар ҳам ўзларини жуда хунук на маданиятсизларча тутмоқда. Путин, ўз навбатида, ўзининг буюклигини, ўзига муносиб услубни кўрсатмоқда. Дунё эса ундан шуни кутмоқда. Лекин у ўзини баччакона ҳам тутмоқда. Ўз халқига нисбатан ҳам. Сен ўйинчоғимни синдирдинг, энди мен сени хафа қиламан, мана унинг феъл-атвор модели”, - хулоса қилди тадбиркор.

“Реаллик шундан иборатки, Россия президенти Сурияда ҳукм суриш учун фақат ҳарбий кучдан фойдаланмоқда. Бу унга мамлакатнинг нефть ва бошқа ресурсларидан фойда кўриш учун керак. Россия Сурияда катта ҳарбий базага эга, ҳатто Туркия жанубида бир нечта кемаси бор. Ўйлайманки, биз ҳарбий самолётни уриб туширишга ҳақлимиз, чунки уларни бир неча бора инглиз ва рус тилларида огоҳлантирганмиз. Радарлар ҳудудимиздаги самолётни қайд қилишди. Биз халқаро ҳуқуқ бўйича ҳақмиз. Одамлар бу ерда Россия ядровий қурол қўллашидан бироз ҳадиксирамоқда. Ўйлайманки, Россия Туркиянинг кейинги хатосидан сўнг ҳужум қилади. Лекин бу хато бўлмади. Шунингдек, одамлар Россия Туркияга табиий газ етказишдан тўхташидан қўрқмоқда, Россия эса Туркияга газнинг 55 фоизини етказиб беради”, - деди Олмаотадаги логистика компанияси ходими Жем Гўкнер.

Москвалик қизга уйланган Арин исмли йигит эса бошқачароқ фикр билдирди.

“Мен Туркияни айбдор деб биламан, - таъкидлади у. – Путинга муносабатим яхши, у ҳақ, ростини гапиради деб ўйлайман. Туркия самолётни уриб тушириши керакмиди ахир? Биз душманлар эмасмиз. Биз ҳар доим дўст бўлганмиз, экспорт, туризм йўлга қўйилган. Бу ерда рус қизлар яшайди, улар бизнинг эркакларга турмушга чиққан, кўпларининг болалари бор. Ўйлайманки, ҳаммаси изига тушади ва биз ҳеч қачон душман бўлмаймиз”.

“Агар Туркия матбуотининг бир ҳафта олдинги қайноқ мавзуси “Барчаси изига тушади, хавотир олманг!” бўлса, энди улар “Тупурамиз санкцияларингизга, бизни қўрқита олмайсиз!” демоқда. Улар, албатта, ҳақдирлар. Туркия иқтисодиёти постсовет маконидаги барча давлатларнинг иқтисодиётига нисбатан анча мустаҳкам, шунингдек, турк армияси НАТОдаги энг кучлилардан биридир”, - деди Туркияда яшаётган қозоғистонлик Бўтакўз Қўпбоева. Унинг таъкидлашича, ушбу масалада ҳатто ҳукмрон кучлар ва мухолифатнинг фикри бир жойдан чиққан.

Элдор Асанов тайёрлади

Кўпроқ янгиликлар