Россия томони Туркиянинг Ироқ шимолига қўшин киритишини ноқонуний деб ҳисоблайди.

"РИА Новости" хабарига кўра, Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Геннадий Гатилов буни "бошқа мамлакат ҳудудига бостириб кириш белгиси" дея баҳолаган.

"Биз Ироқ шимолига Туркия ҳарбийларининг киришини ноқонуний тарзда амалга оширилган деб биламиз. Бу қўшни давлат ҳудудига бостириб кириш ҳисобланади. Буни оқлаш учун ўқув машғулоти ёки бошқа баҳона кўрсатиш мантиқдан эмас. Биз бу вазиятдан хавотирдамиз", деган Гатилов.

Унинг қайд этишича, Анқаранинг бу ҳаракати минтақадаги оғир вазиятни янада оғирлаштирди.

Бундан олдинроқ, Ироқ БМТ Хавфсизлик кенгашидан Туркияни Ироқ ҳудудини тарк этишга мажбурлашини сўраганди.