Очиқ осмон келишуви доирасида россиялик инспекторлар 14-18 декабрь кунлари Ан-30Б самолётида Туркия устидан кузатув парвозини амалга оширадилар, деб хабар берди Ядровий хавфни камайтириш миллий маркази бошлиғи Сергей Рыжков. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги маълум қилди.

“Кузатув парвози 14-18 декабрь кунлари Эрзурум аэродромидан максимал узоқлиги 1,5 минг км ни ташкил қилувчи масофада амалга оширилади. Кузатув парвози келишувга аъзо давлатлар ҳарбий фаолиятининг ойдинлиги ва шаффофлигига кўмаклашиш ҳамда ишонч чораларини мустаҳкамлаш орқали хавфсизликни кучайтириш мақсадида бажарилади”, деб айтди Рыжков.

Рыжковнинг таъкидлашича, кузатув самолёти Туркия билан аввалдан келишилган йўналиш бўйича парвозни бажаради, самолёт бортида бўладиган турк мутахассислари кузатув техникасидан фойдаланиш тартибини ва келишувдаги қоидаларга амал қилинаётганини назорат қилиб борадилар.