Рустам Азимов Хитойда ШҲТ аъзоларининг ҳукумат раҳбарлари мажлисида иштирок этади

Ўзбекистон 14 Декабрь 2015 4285

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов бошчилигидаги делегация 14-15-декабрь кунлари Чженчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳукумат раҳбарлари (бош вазирлар) кенгашининг 14-мажлисида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар тарқатди.

Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга ошириш жараёнини ҳамда ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишади.

Тадбирда ШҲТда кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь, Эрон, Ҳиндистон, Мўғулистон ва Покистон вакиллари, шунингдек, ШҲТ ишчи органлари - Котибият, МАТТ ижроий қўмитаси, Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси, қатор халқаро ва минтақавий ташкилот ва форумлар – БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, МДҲ, АСEАН ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг раҳбарлари иштирок этишади.

Кўпроқ янгиликлар