Америкалик теннисчи Серена Уильямс ўзи томонидан ташкил этилган Serena Williams Live Ultimate Run номини олган хайрия марафонида маррага оёқлари билан етиб кела олмади. У 5 киломертлик масофанинг ярмида тўхтаб, машинага минган ва марра чизиғини машинадалигича кесиб ўтган. Бу ҳақда Yahoo! Sports хабар берди.

Ушбу хайрия тадбири 13 декабрь куни 5 ва 10 километрлик масофаларда ўтказилган. Марофонда Серенанинг опаси Винус ҳам иштирок этган ва у синглисидан фарқли равишда пойгани муваффақитли тарзда якунлаган.

"1 йил давомида тиззам ва тирсагимдаги муаммолар билан теннис ўйнадим. US Open турнири вақтида эса юрагим оғриб қолди ва шунинг учун таваккал қилишни истамадим", дейди Серена.

Ушбу хайрия тадбирида тушган маблағлар теннисчининг фондига тушади. Бу фонд эса муҳтож кишиларга ёрдам бериш, камбағал оилаларнинг таълим олишини таъминлаш билан шуғулланади.

2015 йилда теннисчи бир қатор турнирларда жароҳатлари туфайли кутилганидек иштирок эта олмади. Шунга қарамасдан 34 ёшли бу спортчи WTA таснифида биринчи ўринни эгаллаб турибди.