2016 йилнинг 6-8 январь кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида “Ажойиб математика” фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда университетнинг расмий сайтида хабар қилинди.

“Математика фани деганда қийин мисоллар, бошқотирма ва сонлар кўз ўнгимизда гавдаланади. Лекин биз уни қандай қилиб мураккабликдан кўнгилочар математикага айлантириш йўлини биламиз.

Қишки таътил даврида қизиқувчан ва бир оз ҳафсаласиз фарзандларимиз 6-8 январь кунлари “Ажойиб математика” фестивалида иштирок этиб, математика фанининг нақадар фойдали ва ажойиб эканлигига ўзлари амин бўлишлари мумкин”, дейилади хабарда.

Мазкур фестивалнинг очилиш маросими 6 январь куни соат 13:00 да бўлиб ўтади.
Фестивалда ўрта мактаб ўқувчилари, касб-ҳунар коллеж ва лицей талабалари, математика фани устозлари ва барча қизиқувчилар иштирок этишлари мумкин.

Шунингдек, фестивалда Жанубий Кореянинг 20дан ортиқ, турли таълим муассасаларида математика фанидан дарс берадиган ўқитувчи ва вакиллар иштирок этишади.

Иштирокчилар улар билан инглиз тилида суҳбат қуриб, фикр алмашиш ва фан устида мунозара олиб бориш имконига эга бўлади. Фестиваль доирасида ўқитувчи ва ўқувчилар орасида турли танловлар уюштирилади, ғолиблар эсдалик совғалари ва сертификатлар билан тақдирланишади.

3 кун давомида фестивалга 3 мингга яқин қатнашчиларнинг ташриф буюриши кутилмоқда.