Ироқ шимолидаги туркиялик ҳарбийларнинг бир қисми ўз позицияларини тарк этишган.

Рейтер агентлиги хабарига кўра, Мосулдан унча узоқ бўлмаган ҳудуддаги Башик шаҳридаги базага жойлашган бўлинма бошқа жойга кўчган.

Туркия ҳарбий контингенти айнан қаерга жойлаштирилгани хабар берилганича йўқ. Лагердан жами 10-12 дона армия транспорти чиқиб кетган.

Сўнгги вақтларда Туркия ушбу минтақага 25та танк олиб келгани, минтақадаги ҳарбий хизматчилар сони эса тахминан 900 киши экани айтилганди.

Бундан олдинроқ, расмий Анқара Ироқнинг босимлари туфайли ўз ҳарбийларини ортга кўчириши ҳақида айтганди.

11 декабрь куни президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркия курдларнинг «пешмерг» исёнчиларини тайёрлашда давом этишини айтиб, Шимолий Ироқдан ўз ҳарбийларини чиқариб кетмоқчи эмаслигини маълум қилган эди.