Украина Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувури қурилишида иштирок этмоқчи. Бу ҳақда “Лiга.Бизнес” нашри маълум қилмоқда.

Таъкидланишича, Украина бош вазири ўринбосари Геннадий Зубко туркманистонлик ҳамкасби Ягшигелди Қақаев билан учрашганда Украина саноат корхоналарининг газ қувури ўтказилишида зарурий қурилма ва бутловчи қисмлар етказиб беришга тайёрлигини маълум қилди.

“Украина қувур маҳсулотлари етказиб бериш ва қурилиш-монтаж ишларини бажаришга тайёр”, деб айтди Зубко. Унинг айтишича, Киев Туркманистоннинг нефть маҳсулотлари, хусусан дизель ёнилғиси импортига қизиқиш билдирмоқда.

13 декабрда Туркманистоннинг Мари шаҳрида газ қувурининг биринчи ғишти қўйилди. Газ қувуридан 30 йил давомида фойдаланиш мўлжалланган. Газ қувури узунлиги 1,8 минг км ни ташкил қилади. Ундан йилига 38 млрд куб метр газ етказиб бериш режалаштирилмоқда.

BP компанияси маълумотларига кўра, Туркманистоннинг исботланган нефть захираси 0,6 млн тоннани ташкил қилади, мамлакатда бир кунда 239 минг баррель нефть қазиб олинади. Таққослаш учун, Россиянинг нефть захиралари 103,2 млн тоннани ташкил қилади, кунига 10,8 млн баррель нефть қазиб олинади.