Россия Спорт вазири ва Россия Футбол иттифоқи президенти Виталий Мутко Европа лигасининг 1/16 босқичи учун ташланган қуръадан кейин Москванинг "Локомотив" ва Истанбулнинг "Фенербаҳче" жамоалари бир-бирларига рақиб бўлганига муносабатини билдириб ўтди.

У москваликлар жамоаси мухлисларига сафар ўйини учун чипталарни олишни бошлайвериш кераклигини айтган.

Бундан олдинроқ, УЕФА ушбу икки жамоанинг ўзаро ўйинлари бетараф учинчи майдонга кўчирмаслигини маълум қилди.

"Темирйўлчилар" дастлаб 16 февраль куни Истанбулда сафар ўйинини ўтказишади, 25 февраль куни Москвадаги "Черкизово" стадионида жавоб ўйини бўлиб ўтади.

"Қуръада "Фенербаҳче" тушгани яхши иш бўлмади. Лекин ўйинга чипталарни олавериш керак. Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар узилмаган. Агар бизда танлов бўлганида, Туркияга бормасликни маъқул кўрган бўлардик. Аммо қуръа ташланиб, тақвим тузилиб бўлинди, унга амал қилиш керак", деган Мутко.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни тонгда Туркия—Сурия чегарасида Суриядаги ҳарбий операцияда иштирок этаётган Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилди. Туркиянинг таъкидлашича, самолёт мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтган.
Россия томони бу давони тан олмаган.

Шундан сўнг, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашди. Россия 2016 йилнинг 1 январидан Туркия билан визасиз режим тўхташини маълум қилган.

Икки давлат ўртасида авиалоқалар қатъий назорат остида амалга оширилмоқда.

Ҳукумат россияликларга Туркияга ташриф буюрмасликни тавсия қилган.

Россиянинг барча жамоалари ҳар йили Туркияда ўтказиб келинган қишки йиғинларини бекор қилган.

Россиялик мутахассис: Европа Лигасида "Локомотив" Туркия жамоасига қарши ўйнаши олди олиниши керак эди

"Локомотив" футболчиси: Бу босқичда Туркия жамоаси рақиб бўлишини истамагандим

УЕФА "Локомотив" ва "Фенербаҳче" ўйинлари бетараф майдонга кўчирилмаслигини маълум қилди