Хитойнинг Пекин шаҳрида Континентал хоккей лигасида (Хоккей бўйича Россия чемпионати) иштирок этувчи жамоа ташкил қилинади ва у 2016 йилнинг сентябридан бошлаб турнирда иштирокини бошлайди. Бу ҳақда лига вакили, директорлар кенгаши аъзоси Роман Ротенбергга асосланган ҳолда ТАСС нашри хабар тарқатди.

14 декабрь куни Россия ва Хитой давлатларининг спорт соҳасидаги алоқаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Декабрь ойи бошида КХЛ вице-президенти Георгий Кобылянский шу лойиҳа ҳақида гапириб, янги жамоа базаси қайси шаҳарда бўлиши (Пекин ва Шанхайдан бирида) ҳали ҳал қилинмаганини билдириб ўтганди.

"Бугунги кунда Пекинда КХЛда иштирок этувчи жамоа тузилиши ва бу жамоа учун 18 минг томошабинга мўлжалланган арена тайёрланиши режалаштирилган. Ишчи гуруҳ ўз олдига бу янги жамоа 2016 йилнинг сентябридан бошлаб ўйинларга қўшилишини таъминлаш мақсадини қўйган. Бу жамоага ким раҳбарлик қилиниши аниқ эмас ва бу борада муҳокама жараёни кетмоқда. Айтишим мумкинки, биз Хитойда бу соҳа бўйича кадрлар етишмаслиги муаммоси мавжудлиги учун россиялик мутахассисларни Пекинга жўнатамиз. Улар хитойлик болаларга хоккей ўйнашни ўргатишади", дейди Ротенберг.

Унинг қайд этишича, Хитой баскетбол ва фигурали учиш спортларини ҳам ривожлантириш бўйича катта дастур ишлаб чиққан. Айни вақтда ҳукумат хоккей спортини ривожлантиришга эътибор қаратган. Хитой ва Россия спорт вазирлари, ФХР ҳамда КХЛ ўзаро ҳамкорлик масаласида мулоқот олиб боришмоқда. Миллий лигада ўйновчи яна бир жамоа тайёрланиши мумкин. Шунингдек, МХЛда иштирок этиши учун ёшлар жамоаси ҳам тузилиши режада бор. Ҳозирча турли вариантлар кўриб чиқилмоқда ва буларнинг барчаси ҳозирча қоғоздаги лойиҳалар. Лойиҳалардан яна бири эса хоккей академиясини барпо этиш", дейди у.

Ротенбергнинг айтишича, Хитойнинг КХЛда иштирок этадиган жамоаси маҳаллий ва Россиядаги тадбиркорлар томонидан молиялаштирилишига келишилган.

Маълумот учун, Континентал хоккей лигасида Россия, Беларусь, Қозоғистон, Латвия, Словакия, Хорватия ва Финляндия вакиллари бўлган жамоалар бош соврин ҳисобланмиш Гагарин кубоги учун йил давомида мусобақалашишади. Лига ташкил этилган 2008 йилда 24 жамоа иштирок этишни бошлаганди. 2015-16 йиллар мавсумида эса иштирокчилар сони 28та бўлди (26 шаҳардан, шундан 22таси Россия жамоалари). Келгусида иштирокчилар сони 32тагача оширилиши мумкин.