Хитойда Фучжоу шаҳри аэропорти ўт ўчирувчилари учишга тайёрланаётган, соз ҳолдаги Boeing 737-800 самолётига хатолик туфайли кўпик сепишди.

“Бэйцзин цинняньбао” газетасининг маълум қилишича, кўпик сепилиши оқибатида ишдан чиққан самолёт двигателларини алмаштириш учун 120 млн юан (18,6 млн доллар) керак бўлади.

“Двигателга кўпик тушиши унинг бузилишига олиб келди, уларни алмаштириш учун бир ҳафтача вақт талаб этилади”, деб айтилди самолётга эгалик қилувчи Fuzhou Airlines авиакомпанияси берган хабарда.

Аниқланишича воқеа англашилмовчилик сабабли содир бўлган: ўт ўчирувчиларга Air China компанияси самолёти алангаланиши хавфи ҳақида сигнал тушган. Нашрнинг таъкидлашича, эҳтимол, ишлаб турган двигателга кўпик билан ишлов бериш керак бўлган, бироқ носоз самолёт учувчиси двигателни ўчириб қўйган ва бу ҳақда ўт ўчирувчиларга хабар бермаган. Ўт ўчирувчилар учиш полосасига келишгандан кейин двигатели ишлаб турган самолёт ёнига йўл олишган.

Воқеа сабабли аэропорт фаолияти 1,5 соатга тўхтатиб қўйилди, баъзи рейслар бекор қилинди. Хатолик сабабли кўрилган зарарни ўт ўчирувчилар ёки суғурта компанияси қоплаши масаласи ҳал қилинмоқда.