Болгариялик собиқ футболчи Христо Стоичков Қозоғистон терма жамоасини бошқариши мумкин. Бу ҳақда Novsport.bg нашри хабар тарқатмоқда.

Манбанинг ёзишича, терма жамоанинг амалдаги бош мураббийи Юрий Красножан билан шартнома муддат узайтирилмайди. Унинг ўрнига болгариялик мутахассис таклиф этилиши кутилмоқда.

Красножан бошчилигида Қозоғистон терма жамоаси Евро-2016 саралаш босқичида олти жамоа ичида 5-ўринни эгаллади.

Олдин Стоичков Шотландиянинг «Селтик», ЖАРнинг «Мамелоди Сандаунс», шунингдек Болгариянинг «Литекс» ва ЦСКА жамоаларини бошқарган. 2011 йилда «Ростов» клуби президенти маслаҳатчиси сифатида ишлаган.

Ҳозирги вақтда 49 ёшли мутахассис АҚШда Майамида истиқомат қилмоқда ва Мексика телевидениесига эксперт сифатида фаолият кўрсатмоқда.