Чичарито "МЮ"дан ким туфайли кетишга мажбур бўлгани ҳақида айтиб берди. Уни йиғлатишган

Спорт 15 Декабрь 2015 5781

Ҳозирда Германиянинг "Байер" жамоасида ўйнаётган мексикалик ҳужумчи Хавьер Эрнандес (лақаби Чичарито) унинг Англияни тарк этишига "қизил иблислар"нинг бош мураббийи Луи ван Гаалнинг ўта ёмон муносабат кўрсатгани сабаб бўлгани ҳақида айтиб берди.

"Мен пенальтидан гол ура олмаганимдан кейин (International Champions Cup-2015 турнири доирасидаги ўйинда) ван Гаал Гиггзга жуда даҳшатли нигоҳ ташлади. Ўшанда мен таркибдан жой олмаслигим аниқлигини англадим. Ўйиндан кейин кийиниш хонасига Луи ван Гаал кириб келди ва "Агар сен пенальтидан гол ура олмасанг, ўйиндан гол уришингга 2 марта шубҳа қиламан", дея бақирди. Бир кунлан кейин у мени офисга чақирди ва менга бир қанча жамоаларда таклиф мавжудлиги, улардан бирини танлашим шартлиги ҳақида айтди. Мен уйга қайтдим ва йиғлай бошладим. Мен Манчестерни севаман, лекин бу шаҳарни тарк этмаслик учун ҳеч нарса қила олмадим. Чунки, мураббийда менга заррача ҳам ишонч йўқ эди. Унинг айтишича, мен унинг фалсафасига тўғри келмас эканман.

Ўшанда мени АПЛдаги 3та жамоа таклиф қилган, лекин мен "Манчестер Юнайтед"га қарши ўйнамаслик учун "Байер"ни танладим. Мен Фергюсон мураббийлиги вақтида ҳам ҳаммага айтар эдим, ҳеч қачон "Манчестер Юнайтед"га қарши ўйнамаслигимни. Де Хеа менинг энг яхши дўстим. Биз деярли ҳар куни у билан мулоқот қиламиз. Мен шунингдек, Керрик ва Янг билан алоқаларни узмаганман. Менимча жамоанинг фахрий ўйинчилари ҳозирги вазиятдан жуда норози ҳолда юришибди.

Мен албатта, қачондир "Манчестер Юнайтед" сафига қайтиш имкони пайдо бўлса, ундан фойдаланаман. Ҳозирча эса Германиядаги ишларим яхши кетмоқда", дейди Чичарито The Sport Bible нашрига.

Маълумот учун, Чичарито "МЮ"даги илк мавсумида 13та гол урганди. Жамоада бош мураббий ўзгаргач, у асосий таркибдан тушиб қолди.

У ўтган мавсумни "Реал" сафида ижара асосида ўтказган, лекин у ерда ҳам асосий таркибга кира олмагач, ортга қайтарилганди.

Ёздаги турнедаги иштирокдан қайтилгач, уни "Байер"га трансфер қилишди.

Бу футболчи Германияда ўзини жуда аъло даражада ҳис қилмоқда.

Чичарито Бундеслиганинг жорий мавсумидаги 12та ўйинда 15та гол урди.

Кўпроқ янгиликлар