Ўзбекистонда сифатсиз иситиш мосламалари сотувдан олиб ташланмоқда

Жамият 15 Декабрь 2015 3914

Айни пайтда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳудудий бошқармалари мутахассислари томонидан аҳоли орасида табиий ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар давом этмоқда. Бу ҳақда ФВВ Матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур тадбирлар, рейдлар ўтказиш, табиий ва ис газининг инсон саломатлиги ва ҳаёти учун хавфлилик даражаси тўғрисида аҳоли орасида тушинтириш ишларини олиб боришни ўз ичига олади.

Бу каби тадбирларнинг ўтказилиши қиш мавсумида, яъни об-ҳавонинг кескин пасайганида аҳоли орасида иситиш мосламаларидан, турли ёқилғилардан кенг фойдаланишга бўлган эҳтиёжнинг ортиши билан боғлиқ.

Ностандарт, сифати кафолатланмаган иситиш мосламалари, шу жумладан табиий газ билан ишлатиладиган печларнинг тарқалишига йўл қўймаслик, улар билан боғлиқ бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда бугунги кунга қадар тегишли хизматлар мутахассислари билан ҳамкорликда жойларда рейдлар ўтказилди. Натижада 2 мингдан ортиқ ностандарт, сифати кафолатланмаган газ ва бошқа иситиш ускуналарини сотиш ҳамда улардан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Оқибатда 50 млн. сўмдан ортиқ маъмурий жарима қўлланилиб, 3 мингдан ортиқ ностандарт газ ва бошқа иситиш мосламалари сотувдан чиқариб ташланди. Мазкур ҳолатлар бўйича вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликларига 296та тақдимнома киритилди.

Шу билан биргаликда, аҳоли орасида табиий ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олишга қаратилган суҳбатлар 166 минг маротоба ўтказилган, 460 мингдан ортиқ эслатма ва буклетлар тарқатилган ва матбуотда 1,5 мингга яқин чиқишлар амалга оширилган. Бу каби тадбирлар “Узтрансгаз” АК, Ички ишлар, Соғликни сақлаш вазирликлари, маҳалла фаоллари, “Камолот” ЁИҲ ва Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти кўнгиллилари билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Ҳамкорликдаги тадбирлар қамрови 378 минг шахсий ҳовлилар, 24 минг 651та кўп қаватли уйлар ва улардаги 1 миллион 100 минг хонадонларни ташкил этди.

Кўпроқ янгиликлар