"Челси" бош мураббийи Жозе Моуриньо Англия чемпионати доирасида "Лестер"га қарши кечган учрашувдаги мағлубиятдан кейин (1:2) журналистлар билан гаплашди.

Португалиялик мутахассис ўз шогирдари "Лестер"га қарши ўйинда анча вақтгача майдонда суст ҳаракат қилишгани ва майдондаги тўп назоратини рақибга топшириб қўйишганини тан олган.

"Биз 90 дақиқалик ўйиннинг 20-25 дақиқасидагина рақибдан яхшироқ ўйнай олдик. Энг кўпи билан ярим соат. "Лестер" эса бир соат давомида биздан устунлигини намойиш этди.

Юқори савиядаги футболчилар деб ҳисобланадиган баъзи футболчиларнинг бу аҳволга тушганини кўриш аянчли. Бу мавсум биз учун баъзи сабабларга кўра муваффақиятсиз кечмоқда.

Бунинг учун айбдорлик барчага бирдек тегишли эмас.

Мен машғулотлар вақтида футболчилар билан келишмовчиликларга дуч келмайман. Улар машғулот вақтида яхши ҳаракат қилишади.

Аммо улар майдонга тушгач, уларнинг ўйин давомидаги ҳаракатларини томоша қилиш аянчли", - дейди мураббий.