«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурига мувофиқ, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари учун коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига белгиланган ҳар ойлик компенсация тўловлари амалдаги 45 фоиз ва 18 фоиз ўрнига тегишли равишда 50 фоиз ва 25 фоизгача кўпайтирилди.

Бу ҳақда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Kun.uz` сайтига тақдим этган «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурининг 2015 йил январь-ноябрь ойларида амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳисоботида сўз боради.

Маълумотда келтирилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 14 апрелдаги ПФ-4715-сон Фармонига мувофиқ 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фаҳрийлари учун коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига белгиланган ҳар ойлик компенсация тўловлари 2489 нафар фахрийга 50 фоиз, 58441 нафар фахрийга эса 25 фоиз миқдорида тақдим этилди.