2015 йилнинг 15 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қатарнинг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Теҳрон шаҳрида) Али бин Ҳамад Али ал-Сулайтини қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар тарқатди.

Элчи Ўзбекистон Республикаси президенти номига йўлланган ишонч ёрлиқларини топширди.

Мулоқот давомида икки давлат муносабатларини, жумладан БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги алоқаларни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.

Элчи ўз давлати раҳбариятининг Ўзбекистон билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга тайёрлигини қайд этди.

Али бин Ҳамад Али ал-Сулайтининг таъкидлашича, Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобини араб тилида Доҳа шаҳрида нашр этилиши Қатарда Ўзбекистонга бўлган катта қизиқиш ва Ўзбекистон президентига ҳурматнинг яна бир исботидир.

Учрашувда баъзи халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.