Ўзбекистонлик 17 ёшли Санжар Турсунов 1-6 декабрь кунлари Россия пойтахти Москва шаҳрида бўлиб ўтган ёш ижрочиларнинг Gnesin-Jazz-2015V халқаро жаз фестивал-танловида иккинчи даражали мукофот ва “Энг яхши пианиночи” номига сазовор бўлди.

Gazeta.uz нашрининг хабар беришича, Санжар — Тошкентдаги Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейининг “мумтоз фортепиано” бўлимида учинчи босқичда таҳсил олади.
У мазкур танловда иштирок этаётган ягона ўзбекистонлик эди.

Мусиқачи 10 дақиқа ичида америкалик жаз пианиночиси ва бастакори Кит Жареттнинг мураккаб композициясини ижро этиш билан бирга, ўзи ҳам куй басталади. Бунинг учун у иккинчи мукофот ва солист-инструменталист номинациясида “Энг яхши пианиночи” номига лойиқ деб топилди.