Сервер Жепаров "Ульсан Хюндай" жамоасидан кетди

Спорт 15 Декабрь 2015 5605

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Сервер Жепаровнинг "Ульсан Хюндай" жамоасидаги фаолияти якунига етди. 

Жанубий Корея ОАВига асосланиб, championat.asia сайти тарқатган хабарга кўра, "Ульсан Хюндай" 29 ёшли бразилиялик Эвертон Сантос ва 33 ёшли Сервер Жепаров каби легионерлар билан хайрлашишга қарор қилган.

Йил бошида "Ульсан Хюндай" сафига қўшилган Жепаров ушбу клуб сафида 22та ўйин ўтказиб 6та гол урди.

Эслатиб ўтамиз, Жепаров 2010-2011 йилларда "Сеул", 2011-2013 йилларда Саудия Аабистонининг "Ал Шабаб", 2013-2014 йилларда "Сеонгнам Илва Чунма" каби хориж клубларида фаолият олиб борган.

Жепаровнинг ўзи ҳам корейслар жамоасини тарк этгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади.

"Ульсан"ни тарк этганим рост. Ҳозирча таътилдаман. Фаолиятимни қайси клубда давом эттиришимни вақт кўрсатади. Таклифларни кейинроқ кўриб чиқаман", - дейди Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси.

Кўпроқ янгиликлар