Британия бош вазири Дэвид Кэмерон янги мемлар серияси қаҳрамонига айланди, дея хабар бермоқда Daily Mirror. Бунга бош вазир ўзининг твиттердаги расмий саҳифасига фотосуратини жойлаштиргани сабаб бўлди. Ушбу фотосуратда сиёсатчи Қозоғистоннинг Бойқўнғир космодромида Халқаро космик станцияга «Союз ТМА-19М» ракетаси учирилишига бағишланган телевизион трансляциясини томоша қилаётгани тасвирланган.

Экипаж таркибида британиялик астронавт Тим Пик ҳам бор.

Нашрнинг қайд этишича, Бирлашган Қироллик сўнгги 24 йил ичида ўзининг илк астронавтини коинотга учирди. Кэмерон эса мазкур жараённи телевизор орқали томоша қилган. У ўз суратини интернетда эълон қилганидан сўнг фотосурат асосида кўп сонли мемлар яратилди.

Жумладан, интернет фойдаланувчилари бош вазирнинг ўриндиқда тўғри ўтиришни билиши билан қизиққан. “Дэвид Кэмерон қандай қилиб телевизор кўриш кераклигини қўлланмадан ўрганиб, буни уддалай олмаётган одамга ўхшайди”, - деб ёзади изоҳ берувчилардан бири. Улар Кэмероннинг телевизор кўриб турган илк фотосурати эканини ҳам таъкидлаб ўтишган.

Мем муаллифлари Кэмероннинг телевизор орқали нима кўриши мумкинлиги борасидаги турли-туман вариантларни келтиришган. Масалан, бош вазир “Юлдузлар жанги” фильмини томоша қилаётгани, бошқа бирида эса у чўчқалар тўғрисидаги кўрсатувни кўраётгани тасвирланган.