ИШИД нефть конлари ҳамда Сурия ва Ироқда яшаётган аҳолидан йиғилган солиқ тўловлари ҳисобидан топилган юз миллионлаб долларни ҳарбий кучларини қўллаб-қувватлашга сарфламоқда.

Бу ҳақда сешанба куни The Financial Times газетанинг электрон кўринишида эълон қилинган жангарилар даромадлари ва ҳаражатларига бағишланган сўз боради.

Газета таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, Сурия ва Ироқдаги жангарилар 2014 йил мобайнида қўл остидаги ҳудудларда нефт қазиб олиш, аҳолидан мажбурий йўл билан тортиб олинган пул маблағлари ҳамда қимматбаҳо бойликлар ҳисобига 900 миллион долларга яқин маблағга эга бўлган.

Даромадларнинг учдан икки қисми – 600 миллион долларга яқини жангариларни молиялаштиришга сарфланган.

Шунингдек, ҳар ойда 20 миллион доллар хорижлик ёлланма жангарилардан таркиб топган асосий зарба кучларига ажратилган. Тахминан 15-20 миллион доллар эса маҳаллий жангарилар учун йўналтирилган.

“Ўн миллионлаб долларлар асосан жанговар қурол-аслаҳа ва портловчи моддаларга сарфланмоқда”, - дея ёзмоқда газета. Жангариларнинг бир ҳафта уруш олиб бориши учун 1 миллион долларлик ўқ-дорилар керак бўлади.

“Буларнинг барчасига ИШИД кунига ўн минглаб баррел нефтни қазиб олаётгани эвазига эришмоқда”, - дея қайд этади нашр.

Бундан ташқари, ИШИД ойига 10-15 миллион долларни шахсий хавфсизлигини таъминлаш учун сарфламоқда, дея хабар берди The Financial Times газетасининг ахборот манбаси.

“Гуруҳ агентлари айни пайтда Туркия ва Иордания каби давлатларда иш олиб бормоқда. Шунингдек, ИШИД телефон қўнғироқларини эшитиш имкониятига эга бўлиш учун ҳам пул сарфламоқда”, - деб ёзади газета.

Мазкур маълумотларнинг ҳақиқийлигини эса ИШИД таркибидан қочиб чиққан саккиз киши ҳам тасдиқлаган.