2015 йилнинг 9 ойлиги прогноз кўрсаткичларига кўра, Ўзбекистон давлат бюджетининг даромади 100,2 фоизга бажарилиб, 26,34 трлн сўмни ташкил этди. Ёки бу ялпи ички маҳсулотнинг 22,4 фоизини ташкил қилмоқда, деб ёзади UzReport нашри Молия вазирлигига берган маълумотларга таяниб.

Ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда давлат бюджети даромадлари миқдори 16,6 фоизга ўсган.

Шу жумладан, давлат солиқ қўмитасига 19,52 трлн сўм даромад йўналтирилди (прогноз кўрсаткичи бўйича 100,1 фоиз).

2015 йилда айрим солиқ ставкалари камайтирилди. Тўғридан-тўғри олинадиган солиқлар ҳисобига аҳоли ва корхоналарнинг даромади 1008,4 млрд сўмга (18,7 фоиз) ошди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 6388,2 млрд сўмни ташкил қилганди.