Aston Martin компанияси Хитойнинг Letv интернет-корпорацияси учун электрокар яратиб бермоқчи, деб хабар бермоқда Autocar нашри. Ҳамкорликнинг бундай варианти томонлар ўртасида апрелда ўтказилган Шанхайдаги моторшоудан бери давом этиб келаётган узоқ музокаралардан кейин имзоланган ҳамфикрлик меморандумида кўзда тутилган.

Келишувда икки компания “сўзлашувчи” автомобиллар технологияси яратишдан тортиб электрокарларни қуриш бўйича маслаҳатларни ўз ичига олган тадқиқот дастурлари устида иш олиб боришлари кўрсатилган.

Letv ишланмалари орасида автомобилларнинг борт электроникасини бошқариш учун тайёрланган LeUI номли операцион тизим ҳам бор. У овоз, сенсор буйруқлари ва имо-ишоралар билан турли тизимларни бошқаришга имкон беради ва йўлларда онлайн-радио ва мусиқа стриминги хизматлари, интернет ва шошилинч хизматларга уланишни тақдим қилади.

Aston Martin ва Letv компаниялари ҳамкорлигининг биринчи натижаларидан бири инфратузилма объектлари ва бошқа автомобиллар билан ўзаро таъсирлашув тизими билан жиҳозланган Rapide S’нинг концептуал варианти бўлади. Прототип 2016 йилнинг январида Лас-Вегасда бўлиб ўтадиган истеъмолчилик электроникаси кўргазмасида намойиш қилинади.

Letv вакилларининг айтишича, компания ўз электрокарини яратишда “етарлича одимлаган”. Ҳозирча Le Supercar деб аталаётган автомобилнинг концептуал варианти кейинги йил апрелида Пекиндаги моторшоуда намойиш қилинади. Autocar’нинг “Астон”даги манбасининг қўшимча қилишича, Хитой компанияси учун серияли модель Британиянинг Гайдон шаҳридаги корхонада йиғилади.

“Астон” ўзининг шахсий электрокарини 2017 йилда серияли тарзда ишлаб чиқармоқчи. Rapide негизидаги прототип октябрда намойиш қилинганди. Ушбу спорткар икки модификацияда тақдим қилинади: умумий йўллар учун мўлжалланган 560 от кучига эга электр двигателга эга ва умумий қуввати 800-1000 от кучини берувчи 4 та мотор билан жиҳозланадиган треклар учун. Машинанинг нархи 200 минг фунт стерлингдан (308 минг доллардан) бошланиши кутилмоқда. Йилига 400 та электрокар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.