Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Дори-дармон» акциядорлик компанияси томонидан аҳолини сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда УзА хабар қилди.

"Ўзбекистон президенти Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар фармацевтика саноатини янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Аҳоли саломатлигини сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар жараёнида «Дори-дармон» акциядорлик компанияси ҳам фаол иштирок этмоқда", дейилади хабарда.

"Компаниямиз таркибидаги йигирмата акциядорлик ва масъулияти чекланган жамияти, бир минг уч юздан ортиқ дорихона аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Дори-дармон етказиб бериш ва сақлаш шароитини янада яхшилаш мақсадида жойларда замонавий дорихоналар, омборхоналар, логистика марказлари барпо этилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида халқаро стандартларга тўла мос келадиган фармацевтика омбори, Гулистон шаҳрида логистика маркази қуриб битказилди", – дейди «Дори-дармон» акциядорлик компанияси раиси Абдуғани Комилов.

«Дори-дармон» акциядорлик компанияси тизимида фаолият юритаётган дорихоналарнинг етмиш фоиздан кўпроғи қишлоқ жойларда очилгани, хусусан, 800дан ортиқ дорихона ҚВПларда жойлашгани халқимиз учун катта қулайлик яратмоқда.

Қишлоқ жойларда кўчма дорихоналар фаолияти йилдан-йилга кенгаймоқда. Бугунги кунда 14 махсус жиҳозланган «ISUZU» русумли изотермик автофургон, 50 “Damas” автомобили чекка ҳудудлардаги аҳолига дори-дармон етказиб бермоқда. Улар томонидан жорий йилда қиймати тўрт миллиард сўмдан кўпроқ дори воситалари савдоси амалга оширилди.

Маълумки, жаҳон тиббиётида доривор ўсимликлардан олинган шифобахш воситаларга эҳтиёж йилдан-йилга ошиб бормоқда. «Дори-дармон» акциядорлик компанияси томонидан бу йўналишдаги вазифаларни бажариш мақсадида 2018 йилга қадар олтмиш бешта лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар доирасида ўсимлик хомашёсини қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича янги цех ва корхоналар, маҳсулотларни сақлаш омборларини барпо этиш мўлжалланган.