Яқинда Ўзбекистон ва Тожикистон ТИВлари даражасида сиёсий музокаралар ўтказилиши хабар қилинди. Шу муносабат билан Sputnik агентлиги МДҲ давлатлари институти бўлим мудири Владимир Евсеевнинг икки давлат ўртасидаги муносабатларга шарҳ беришни сўради.
Экспертнинг фикрича, учрашувда муҳокама қилинадиган асосий мавзулар сув ва энергетика масалаларига оид бўлади.

“Аслида Тожикистон учун ГЭСлардан сув чиқариб юбориш учун энг яхши вақт қишдир, Ўзбекистонда эса бу суғоришда ишлатилмайдиган сувнинг ортиб қолишига олиб келади, - дейди мутахассис. – Бу муаммони ҳал қилиш мақсадида мустақиллик йилларида Ўзбекистон 30дан ортиқ ўрта ва кичик сув омборлари қурди, бу билан деярли барча ўз ва трансчегаравий дарёларни ишлатди (дарвоқе, бу шусиз ҳам мураккаб бўлган Орол муаммосини янада чигаллаштирди)”.

“Қиш фаслида Тожикистон сувни кўп чиқариб юбориши оқибатида Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ботқоқланиш юз бериши мумкин, - сўзида давом этди Евсеев. – Аммо Ўзбекистон қўшнисига газ етказмаларини қисқартирмоқда. Аммо Ўзбекистон ҳам сув чиқариб юборишни назорат қилмоқчи, ҳам газни босим ўтказич воситаси сифатида қўллаб, уни қимматга сотмоқчи”.

Евсеевнинг таъкидлашича, айни пайтда ушбу муаммони ҳал қилиш йўли йўқ. Бундан ташқари, Ўзбекистон Тожикистон Роғун ГЭСини қуришидан хавотирда, негаки сейсмик фаоллик Ўзбекистондаги йирик шаҳарларга жиддий таҳдид солиши мумкин.
Шунингдек, музокаралар дастурида Афғонистондаги вазият муҳокамаси ҳам кўрсатилган, аммо бу масалада, экспертнинг фикрича, муросага келиб бўлмайди. Евсеевнинг фикрича, Ўзбекистон раҳбарияти минтақада хавфсизликни таъминлашда АҚШ билан ҳамкорлик қилишга биринчи ўринли аҳамият бермоқда, Тожикистон эса бу ролда Россияни кўрмоқда.

“Яъни Тошкент ва Душанбе бошқа-бошқа ўйинчиларга тикмоқда”, - деб ҳисоблайди эксперт.