2016 йилнинг 1 январидан Ўзбекистонда фуқароларнинг Молия вазирлиги қошидаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ўтказиладиган мажбурий суғурта бадаллари ставкаси 7 фоиздан 7,5 фоизга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси маълумотига асосланган ҳолда Sputnik агентлиги хабар қилмоқда.

Бунда юридик шахслар учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз миқдорида сақлаб қолинди.

“Мазкур чоралар 2016 йилги давлат бюджетида кўрсатилган бўлиб, ҳукумат қарори билан тасдиқланган”, - дея маълум қилди ДСҚ вакили.

Корхоналар, муассаса ва ташкилотларнинг мажбурий суғурта бадаллари, фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари ва корхоналар, муассаса ва ташкилотлар томонидан реализация қилинган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)нинг ҳақиқий ҳажмидан ажратиладиган мажбурий тўловлар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси асосий даромади ҳисобланади.