Канадалик 60 ёшли роҳиб Лим Хён Су Пхеньянда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Жазо муддати меҳнат колониясида ўталади.

Ҳукм Олий суд биносида мамлакатда аккредитациядан ўтган журналистлар гувоҳлигида эълон қилинди. Судда ТАСС ва Синьхуа агентликлари мухбирлари ҳамда КХДРда АҚШ ва Канада вакили ҳисобланган Швеция элчихонаси ходимлари иштирок этди.


Роҳиб “КХДР олий раҳбарияти қадр-қимматини ҳақорат қилиш, чет эллардаги диний йиғинларда мамлакатдаги ижтимоий тизимни ағдаришга чақириш”да айбланди.

Бундан ташқари у Шимолий Корея қочқинларига ёрдам берганликда республика ҳудудида яширин диний бўлинмалар тузишда айбдор деб топилди.

Лим Хён Сунинг адвокати ўз ҳимоясидаги шахснинг ҳаётини сақлаб қолиб, у “КХДРнинг гуллаб-яшнаши ҳамда Шимол ва Жанубнинг тинчлик йўли билан бирлашишига гувоҳ бўлиши”га имкон яратишни сўради.

Роҳиб айбини тан олиб, суддан раҳм-шафқат сўради.
Лим Хён Су Пхеньянга шу йилнинг январида гуманитар ёрдам кўрсатиш учун мамлакатга кириб келганида ҳибсга олинган эди.

Судда у бундай фаолият “маҳаллий аҳоли ишончини қозониш учун ниқоб” эканлигини тан олди.