Перудаги антимонопол регулятори шахсий гигиена воситалари ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган Kimberly-Clark компаниясини соҳадаги рақобатчилари билан келишган ҳолда нархларни оширгани учун айблаб, компанияга санкциялар қўллашни режалаштирмоқда.

Манбанинг ёзишича, компания ҳожатхона қоғозлари нархини ошириш учун Чилидаги CMPC компанияси билан келишув тузган. Икки компания ўртасида махфий учрашувлар ва телефон мулоқотлари ўтказилгани айтилмоқда.

Маълум қилинишича, компаниялар келишган ҳолда 2005 йилдан 2014 йилгача Перуда ҳожатхона қоғозлари нархини камида 20 фоизгача оширишган.

Антимонопол компаниянинг билдиришича, бундай махфий келишувлар ҳақида CMPC вакили маълумот берган. Эндиликда Kimberly-Clark компаниясининг Перудаги даромадларидан 12 фоизи жарима сифатида олиб қолиниши мумкин.

Kimberly-Clark ва CMPC компаниялари Перуда шахсий гигиена воситалари бозорининг 88 фоизлик қисмига эгалик қилади.

Kimberly-Clark компанияси вакили ҳукумат билан ҳамкорлик қилинишида давом этилишини маълум қилган ва бошқа саволларга жавоб бермаган.