АҚШ президентлигига демократлардан номзод Ҳиллари Клинтон мамлакатда террорга қарши курашнинг қисқача режасини тақдим этди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Клинтон хонимнинг сўзларига қараганда, ҳукумат Сан-Бернардинодан сўнг янги терактларга ҳозирлик кўриши ҳамда Кремний водийси мутахассислари билан бирга ишлаб, ижтимоий тармоқлар орқали террорчиларни топиш ишини фаоллаштириши лозим.
Бундан ташқари, сиёсатчи Сурияда авиазарбалар беришни кучайтириш ҳамда ИШИД ҳукмрон ҳудудлардан ташриф буюраётган одамларни жиддийроқ текшириш зарур деб билади.

Шунингдек Клинтон хоним қурол-яроғ қонунчилигини қаттиққўллаштириш лозим деб топди. Ўзининг CNN телеканалидаги чиқишида президентликка номзод мамлакат мусулмон жамоасини “бизнинг муштимиз, ўсаётган радикаллашув ва террорга қарши охирги ва энг яхши ҳимоя” деб атади.