Мексиканинг Герреро штати ҳудудидан 19 кишининг жасади топилди.

Бу штатда ўтган йили 43 нафар талабанинг ғойиб бўлиши шов-шувга айланганди.

Полиция маълумотларига кўра жасадлар Чичиуалько шаҳри яқинидаги тор каньонда (денгиз сатҳидан 500 м чуқурликдаги тоғ дараси) аниқланган.

Хабар қилинишича, жасадлар ётган жой ҳақидаги маълумот аноним манба томонидан айтилган. Жасадларнинг 8 нафари ёқиб юборилгани маълум бўлган.

Уларнинг шахсини аниқлаш учун ҳаракатлар бошланган.

Қайд этиш керакки, ўтган йилнинг ўзида Герреро штатида 650 нафардан ортиқ киши жиноий гуруҳлар қурбонига айланди. Айни вақтда бу ҳудудда наркокартел гуруҳлари назоратни қўлга олишга уринишмоқда.

Шу йилнинг сентябрида Мексика ҳукумати Гереро штати ҳудудида 2014 йилда изсиз йўқолган 43 талабани қидиришни қайтадан бошлаши ҳақида маълум қилганди.

Кўп ўтмасдан бу талабаларни ўғирлашда гумон қилинган шахс қўлга олинди.

2014 йилнинг 26 сентябрида полиция ва бандитлар талабалар намойишида иштирок этаётганларга ҳужум қилиб, воқеа жойида 6 кишини ўлдиришган. Бу ҳужум ортида яна 43 нафар талаба изсиз йўқолган. Кейинроқ шаҳар ташқарисида шахси аниқланмаган 28та жасаддан иборат оммавий қабр топилган.

Бундан ташқари, Игуала полицияси билан алоқадор икки нафар ёлланма қотил 43 нафар талабадан 17 нафарини ўлдирганини тан олган.