Душанбеда Ўзбекистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида бўлиб ўтиши кутилаётган сиёсий маслаҳатлашувлар белгиланган вақтда бўлиб ўтмайдиган бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.

“Томонларнинг ўзаро келишувига кўра Ўзбекистон ва Тожикистон ТИВ делегацияларининг сиёсий маслаҳатлашувларини ўтказиш кейинроқ муддатга қолдирилди", дейилади хабарда.

Бундан олдинроқ, мазкур маслаҳатлашувлар 2015 йилнинг 17-18 декабрь кунларида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтиши ҳақида хабар қилинган эди.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари маслаҳатлашуви ҳали бирор марта ўтказилмаган.

Бу маслаҳатлашув икки давлатнинг муносабатлари илиқлашаётганини кўрсатиши айтилганди.

Маслаҳатлашув давомида томонлар ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, савдо-иқтисодий ва транспорт соҳаларида муносабатларни ривожлантириш чоралари кўриб чиқилиши, шунингдек, ҳудудий муаммолар, Афғонистондаги ҳолат юзасидан фикрлар алмашиниши кўзда тутилганди.

Маълумот учун, Собиқ Иттифоқ тарқалиб кетгач, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар мураккаблашганди. Икки мамлакат ўртасида 1992 йилда ўзаро ҳаво парвозлар бекор қилинган, 2001 йилда эса аввал Ўзбекистон, сўнг Тожикистон ўзаро виза тартибини киритганди.

Ўзбекистон Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилишига қарши. Ўзбекистон томонининг нуқтаи-назарига кўра, Тожикистон ва Қирғизистонда ГЭСларнинг қурилиши оқибатида трансчегаравий дарёлар сувлари бир мамлакатнинг назорати остига ўтиб қолади ва минтақа экологиясига жуда катта зарар етказилади.