Россия президенти Владимир Путин 2016 йил 1 январдан Украина билан эркин савдо ҳудуди бўйича шартноманинг тўхтатилиши ҳақидаги фармонни имзолади.

Фармон “давлатнинг манфаатлари ва иқтисодий хавфсизлигига таъсир қилувчи вазият сабабли” қабул қилинган. Россия ташқи ишлар вазирлиги Киевни шартнома бекор қилингани ҳақида хабардор қилиши керак.

18 ноябрда Россиянинг иқтисодий ривожланиш вазири Алексей Улюкаев Россия ҳукумати Украинага нисбатан озиқ-овқат эмбаргоси киритишга қарор қилганини маълум қилганди. Бу эмбарго 2016 йил 1 январдан, Украинанинг Европа Иттифоқи билан эркин савдо ҳудудига қўшилиши бўйича келишув кучга кириши билан бир вақтда амал қилишни бошлайди.