Қирғизистон ҳукумати доллар курси бўйича прогнозлар беришдан қўрқмоқда. Бу ҳақда 16 декабрда парламент йиғилишида бош вазир ўринбосари Олег Панкратов маълум қилди.

“Ҳукумат ҳам, Миллий банк ҳам прогноз қилмаяпти, чунки у ҳақда маълум бўлса, нима бошланишини биласизми? Барча доллар сотиб олишга тушиб кетади, саросима бошланади, шунинг учун биз учта сценарий – оптимистик, пессимистик ва бетараф сценарий бермоқдамиз”, деб айтди Панкратов депутатлардан бирининг саволига.

Депутат нефть ва доллар нархига прогноз берувчи ички фармойишлар мавжуд бўлган Қозоғистон ва Россияни мисол қилиб келтирди. “Бизнинг ҳукумат шундай иш қиладими? Давлат улушига эга компанияларга келгусидаги харидларни чамалаш ёки хорижий валюта ўсиши билан кредитлар олиш бўйича маслаҳатлар берадими?”, деб айтди депутат.

Қирғизистон иқтисодиёт вазирлиги вакили прогнозларда нефть нархи ҳисобга олинишини, бироқ “бу ҳолат Қирғизистон иқтисодиётига бевосита таъсир кўрсатмаслигини, кўрсатса ҳам Россия ва Қозоғистон орқали билвосита кўрсатишини” айтди.