Россия телеянгиликларига ишонч даражаси олти йилда икки мартага пасайди

Жаҳон 16 Декабрь 2015 2523

Аксарият россияликлар (85 фоиз) мамлакат ва дунёда содир бўлаётган янгиликлардан телевидение орқали бохабар бўлади, бироқ ахборот манбаси сифатида уларга камроқ ишонч билдиришади, дея хабар қилди “Интерфакс” "Левада-Центр" тадқиқот маркази маълумотларига асосланган ҳолда.

Социологларнинг маълумотига кўра, сўровномада иштирок этганларнинг чорак қисми ахборот манбаси сифатида дўстлари, яқинлари ва қўшниларини тилга олишган. Ҳар бешинчи респондент эса (21 фоиз) – интернет нашрлари, 13 фоизи ижтимоий тармоқлар, газета ва радио орқали янгиликлардан бохабар бўлишини маълум қилган.

Ноябрь ойида ўтказилган сўровномаларда журналлар 2 фоиз аудиторияни янгиликлар билан таъминлаётгани аниқланди.

Сўровномалар Россиянинг 48 ҳудудидаги 137та аҳоли пунктида яшовчи 1600 киши ўртасида ўтказилган.

Социологларнинг қайд этишича, янгиликлар теледастурларини кўпроқ кам даромадли (90 фоиз) ва интернетдан фойдаланмайдиганлар (95 фоиз) кузатиб боришади.

Радиоянгиликларни эса кўп ҳолларда пойтахтликлар (24 фоиз) ва ўрта маълумотлилар (8 фоиз) тинглаши маълум бўлди.

Интернет нашрлар эса асосан юқори даромадли кишилар ва тармоқнинг фаол фойдаланувчилари (32 фоиздан), пойтахтликлар (23 фоиз) ва олий маълумотлилар (21 фоиз) учун асосий ахборот манбаси экани ойдинлашди.

Бунда телевидениега ахборот манбаси сифатида ишониш даражаси сўнгги олти йил мобайнида мунтазам пастлаб бормоқда. Агарда 2009 йилда телевидениега сўровнома қатнашчиларининг 79 фоизи ишонч билдирган бўлса, 2015 йилга келиб бу кўрсаткич 41 фоизга тушиб кетган.

Интернет нашрлари (2009 йилдаги 20 фоизда 18 фоизгача), газета (14 фоиздан 12 фоизгача), радио (13 фоиздан 11 фоизгача)га бўлган ишончсизлик ҳам бир оз ортган.

Кўпроқ янгиликлар