Одесса вилояти губернатори Михаил Саакашвили ўзининг Facebook’даги саҳифасида Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков томонидан чоп этилган у билан Аваков ўртасидаги жанжал тасвирланган видеога изоҳ берди. Жанжал пайтида Аваков Саакашвилига стакандаги сувни сепиб юборган.

“Бош вазирни ўғри деб айтишга мажбур бўлганимдан афсусдаман, бироқ бу ҳақиқат эканлигидан яна ҳам кўпроқ афсусдаман. Мен бош вазир ва ички ишлар вазирига нисбатан “ўғрилар” сўзини ишлатдим ва бу сўзимни инкор этмайман”, деб ёзди Саакашвили.

Аваков бу видеони 16 декабрда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида чоп этди. Аваков ва Саакашвили ўртасидаги тўқнашув 14 декабрда ислоҳотлар миллий кенгаши йиғилиши пайтида юз берди. Аваковнинг айтишича, у Саакашвили томонидан унга коррупция бўйича қўйилган айбловларга чидаб тура олмаган ва унинг юзига сув сепиб юборган. Аваков жанжал пайтида қўпол сўзлар ишлатган ва бу иши учун Украина президентидан танбеҳ олган. Порошенко ундан бундай сўзларни ишлатмасликни сўраган.

15 декабрда Украина президентининг матбуот котиби Святослав Цеголко Саакашвили ва Аваков ўртасидаги жанжал “мамлакатга иснод келитиришини” айтган.