Орол денгизи 24 минг йил олдин юзага келгани айтилди. Ҳолбуки, ўтган аср охирида олимлар денгиз узоғи билан 10 минг йил олдин пайдо бўлганини айтишар эди.

Халқаро олимлар гуруҳи томонидан 13 йил давомида ўтказилган тадқиқотлар натижасида Орол денгизининг ёши аниқланди. Бу ҳақда "Telegraf.uz" нашри «Наука в Сибири» журналига асосланиб, хабар берди.

Геология ва минералогия фанлари доктори, россиялик тадқиқотчи Сергей Кривоноговнинг айтишича, денгизни тиклаш имконияти мавжуд. Бунинг учун сув ҳавзасига қўшимча сув бериш талаб этилади. Ҳар йили, ҳеч бўлмаганда, 20 километр куб сув билан тўлдирилганда ҳам, у кенгая бошлайди. Бундан ташқари, унинг тикланиши иқлим ва тектоник таъсирлар, масалан, ерости сувларининг келишига ҳам боғлиқ ҳисобланади.

Лойиҳа доирасида, тадқиқотчилар сув ҳавзаси чўкиндиларини юза қисмидан энг қуйи қисмигача бурғу ёрдамида ковлаб, чўкинди жинслардан намуна олди. Олинган намуналарни ўрганиш орқали олимлар Орол денгизининг 20—24 минг йил аввал пайдо бўлганлигини аниқлаган. 

Шунингдек, ундаги ўзгаришлар ҳақида аниқ маълумотлар қўлга киритилган. 

Хулоса қилинишича, Орол денгизи ўз тарихида камида тўрт марта йўқолиб, яна қайта тикланган. Яъни, денгиз билан бугунги кунда юз бераётган ҳолат биринчи марта содир бўлмади.