Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов 11 декабрь куни шаҳарда мулкчиликнинг барча шаклларидаги турар-жой кўчмас мулк объектларида рўйхат (пропискадан) ўтган шахсларнинг ҳисобини олиб бориш мақсадида “уй дафтарлари” юритилишини кўзда тутувчи қарорни имзолади.

Фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш учун Тошкент шаҳрига келиш-кетиш жараёнларини тартибга солиш мақсадида қабул қилинган ҳужжатда туман ҳокимиятлари ва ички ишлар бўлимларига барча хонадонлар ва хусусий уйларда “уй дафтарлари”ни юритишни таъминлаш вазифаси топширилди.
Шунингдек, қарорга биноан, Тошкент шаҳридаги ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинлари штат жадвалига фуқароларнинг паспорт тизими масаласи билан шуғулланувчи биттадан штат бирлигини жорий этилади.

Унинг вазифаси кўп қаватли ва якка тартибдаги уйларда яшовчиларнинг рўйхатини шакллантириб бориш, паспорт тизими бўйича ички ишлар органлари билан ҳамкорлик олиб бориш ҳамда аниқланган ноқонуний ҳолат бўйича уларга ахборот бериш ва бошқалардан иборат.
Ҳоким қарори матни Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий сайтида эълон қилинди.