БМТнинг Болалар жамғармаси ЮНИСЕФнинг маърузасига кўра, 2015 йилда туғилган ҳар саккизинчи бола ихтилофлар ҳудудида дунёга келган.

Таъкидланишича, 2015 йилда ихтилофлар ҳудудида 16,6 млн бола туғилган, бу ўтган йилдагидан тахминан 125 мингга кўпроқни ташкил этган. ЮНИСЕФ прогнозига кўра, 2016 йилда бундай ҳудудларда 16,7 млн бола туғилади.

Маърузада таъкидланишича, кўп давлатлардаги ихтилофлар янги туғилган болалар ва уларнинг оналарининг мунтазам равишда катта хатарларга дуч келишларига олиб келмоқда. Оналар фарзандларини тиббиёт ёрдамисиз ва антисанитар шароитларда дунёга келтирмоқдалар. Бундай ҳудудларда туғилган болаларнинг эса 5 ёшгача бўлган даврда вафот этиши эҳтимоли катта.

ЮНИСЕФнинг маълум қилишича, 2015 йилда 200 мингдан кўпроқ болалар Европа Иттифоқида бошпана сўрашган, 30 млн бола эса ихтилофлар туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.