Тез ўзгариб бораётган ва воқеалар силсиласи кутилмаган йўналишларда ривожланаётган бугунги дунёда тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик масаласи ҳар қачонгиданда муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқаро муносабатлардаги кескин бурилишлар ва сақланиб қолаётган мавҳум вазият дунёнинг ижтимоий-сиёсий қиёфасини ҳамда халқаро хавфсизлик архитектурасини ўзгартирмоқда. Манфаатлар ва мафкураларнинг аёвсиз кураши натижасида юзага келаётган янгидан-янги зиддиятлар давлатларнинг ҳамкорлик йўлидаги доимий мулоқотини тақозо этмоқда.

Шу йилнинг 12 декабрь куни Ашхобод шаҳрида Туркманистон бетарафлигининг 20 йиллигига бағишлаб “Бетарафлик сиёсати: тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлида халқаро ҳамкорлик” мавзуида ўтказилган халқаро конференция дунёдаги ва Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар учун умумий таҳдидларни яна бир бор таҳлил қилиш, уларга биргаликда ечим топиш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган мулоқот учун муҳокамалар майдонини яратиб берди, десак хато бўлмайди. Буни конференцияда 10 та давлатнинг президентлари, 2 та давлатнинг вице-президенти, қатор ҳукуматлар ва парламентлар раҳбарлари, халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг вакиллари иштирок этгани, глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга доир қатор амалий ташаббуслар ўртага ташлангани ва конференция доирасида турли делегациялар ўртасида қатор музокаралар бўлиб ўтгани билан ҳам изоҳлаш мумкин. Тадбирни дунёнинг турли давлатларидан ташриф буюрган 100 га яқин хорижий журналист ёритиб борди ва тезкор ахборотлар оқими мазкур халқаро форумга бўлган қизиқишни янада оширди.

Халқаро конференция ўз ишини Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг маърузаси билан бошлади. Давлатимиз раҳбари ўз чиқишида мазкур конференция Туркманистоннинг мустақил тараққиёт йиллари давомида босиб ўтган йўлини таҳлил этиш, сарҳисоб қилиш ва мамлакатнинг бугунги тараққиёт босқичлари ҳақида фикр юритиш имконини берганини, бетарафлик мақоми нафақат Туркманистон халқининг узоқ муддатли манфаатларига, балки минтақамизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон раҳбари бугун жаҳонда халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфининг кучайиб бораётгани жиддий ташвиш уйғотишини билдириб, йиғилганлар эътиборини яна бир бор Афғонистондаги беқарорликни бартараф этиш масаласига қаратди. Қўшни мамлакатдаги вазият ҳукумат қўшинлари ва толибонлар ўртасидаги низо чўзилиб кетаётгани, ташқи молиявий қўллаб-қувватлаш камайгани натижасида янада мураккаблашиб бораётгани ҳамда Афғонистондан хорижий қўшинларнинг олиб чиқилиши оқибатида юзага келган бўшлиқни Яқин Шарқ минтақасидан қочиб чиқаётган босқинчи ва террорчи гуруҳлар эгаллаб олаётгани дунёвий ва минтақавий хавфсизликка нисбатан жиддий таҳдид эканлиги таъкидланди. Мамлакатимиз раҳбари
Афғонистон муаммосини фақат бир йўл, яъни ўзаро курашаётган томонлар ўртасида БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш, ҳукумат ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокараларни қайта тиклаш, бунинг учун қатъий сиёсий иродага эга бўлиш, ҳеч қандай шартларсиз ўзаро муроса қилиш, бир-бирига ён босиш орқали ҳал этиш мумкинлигини ва бундан бошқа муқобил йўл йўқ эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Президентининг конференциядаги маърузаси ва унда илгари сурилган амалий таклифлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

- Мен Президент Ислом Каримовнинг чиқишларини кўпдан бери кузатиб келаман, - деди Испаниянинг EL PAIS нашри Москва бюроси раҳбари Пилар Бонет. – Ашхободдаги конференцияда ҳам ҳар гал бўлганидек давлатингиз раҳбари глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш масаласида аниқ амалий таклифларни, масалан, Афғонистон муаммоси ечими бўйича Ўзбекистоннинг ўзгармас позициясини қатъият билан илгари сурди. Менга бу маъруза жуда ёқди. Ўйлайманки, бугунги кунда бу таклифлар жуда долзарб. Афсуски, дунёдаги айрим давлатлар раҳбарлари халқаро терроризмга қарши курашиш, тинчлик ва хавфсизликка эришиш борасида ҳалигача умумий, баландпарвоз гаплардан нарига ўтмаяпти.

Халқаро конференцияда бугунги дунёда барча муносабатлар бир-бири билан узвий боғлиқлиги, айрим давлатлар ўртасидаги келишмовчиликлар тўғридан-тўғри бошқа давлатларнинг алоқаларига таъсир қилиши, бунинг оқибатида минтақавий танглик ва сиёсий мавҳум вазият вужудга келаётгани қайд этилди. Қатор давлатларнинг раҳбарлари ҳам ўз чиқишларида ўзаро муросага эришиш, бир-бирига ён босиш дунёда ва минтақамизда сақланиб қолаётган зиддиятларни ҳал этишнинг энг тўғри воситаси эканлигини эътироф этдилар.

Масалан, Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан Каспий минтақаси давлатлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш ва минтақа давлари ўртасидаги айрим ихтилофларни тенг ҳуқуқлилик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат тамойиллари ва самарали ҳамкорлик механизмлари асосида ҳал этиш лозимлигини билдирди.

Белоруссия Президенти Александр Лукашенко Россия-Туркия муносабатларидаги кескинликни юмшатиш учун мазкур давлатлар ўртасидаги путур етган ишончни тиклаш ва келишувга эришиш учун ўзаро ён босиш муҳимлиги ҳақида тўхталди.

Покистон бош вазири Навоз Шариф ва Ҳиндистон вице-президенти Муҳаммад Хамид Ансорининг чиқишларида Марказий Осиё давлатларининг Жанубий Осиё давлатлари билан алоқаларини ривожлантириш, минтақавий транспорт ва энергетика коридорларини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Бир сўз билан айтганда, Ашхобод конференцияси дунёда ва минтақамизда сақланиб қолаётган мураккаб ва мавҳум вазият атрофида ўзаро фикр алмашиш, муроса ва келишув жамики зиддиятларни ҳал этишнинг энг мақбул омили эканлигини, тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик зарурлигини яна бир бор англаш учун ўзига хос мулоқот майдони вазифасини бажариб берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ашхободга ташрифи ва Туркманистон бетарафлигининг 20 йиллиги тантаналаридаги иштироки ўзбек ва туркман халқининг тарихи, тили, дини ва анъаналари бир, мақсадлари муштарак эканлигининг, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик яхши қўшничилик, дўстлик ва ишонч руҳида изчил ривожланиб бораётганлигининг ёрқин амалий ифодаси бўлди.

Шуҳрат Орипов,

Тошкент-Ашхобод-Тошкент