Бразилия уяли алоқа операторлари 16 декабрда 48 соатга WhatsApp дастурига киришни тўсиб қўйиш ҳақида суд кўрсатмасини олдилар. “Фолья ди Сан-Паулу” газетасининг маълум қилишича, қарор маҳаллий вақт билан 17 декабрь соат 00:00 дан бажарилиши керак.

Бунинг сабаблари расман айтилмаган. Бироқ Бразилия ОАВлари маълумотларига кўра, суд қарори мобиль дастур эгаларининг Бразилия ҳуқуқ-тартибот муассасалари билан бир жиноий ишни тергов қилишда ҳамкорлик қилишдан бош тортганлари сабабли чиқарилган.

Февралда ҳам шундай воқеа Пиауи штатида юз берганди, ўшанда маҳаллий суд ҳакамларидан бири WhatsApp’ни бутун Бразилия бўйича тўсиб қўйиш ҳукмини чиқарганди. Ўшанда бу қарор дастур эгаларига босим ўтказиш ва улардан балоғатга етмаганларга тажовуз қилиш бўйича гумон қилинаётганлар ҳақида шахсий маълумотларни тақдим қилишга эришиш мақсадида қабул қилинган. Ушбу қарор Бразилия телекоммуникацион компаниялари шикоятидан кейин бекор қилинганди.