Brent нефтининг баррели 37 долларга тушиб кетди

Жаҳон 17 Декабрь 2015 1591

17 кунги сотувларда АҚШ захираларининг ўсиши ҳақидаги маълумотлар туфайли энергетик ресурслар нархининг тушиши давом этди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар бермоқда.

Brent русумли нефтнинг февраль фьючерсларининг нархи Лондоннинг ICE Futures биржасида 1 баррелига 37.13 долларгача тушиб кетди. 16 декабрь куни охирги марта сотувга қўйилган январь фьючерслари нархи 37.19 долларга тушди.

“Йилнинг бу фаслида нефть захираларининг ўсиши жуда кучли салбий унсурдир, негаки нефть маҳсулотларига бўлган талабнинг юқорилиги муносабати билан захираларнинг тушиши кутилмоқда. АҚШдан нефть экспорт қилиш тақиқининг бекор қилиниши Brent ва WTI’га таъсир қилди, лекин нархларга бевосита таъсир кўрсатмаса керак”, — деди Samsung Futures хом ашё бозорлари таҳлилчиси Хон Сун Ки.

Илгари хабар қилинганидек, АҚШ Конгресси фракциялари етакчилари нефть экспорти тақиқини бекор қилувчи қонун лойиҳаси бўйича муросага эришди. Қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш бугун, пайшанба куни, бўлиб ўтади, шундан сўнг у Сенат ўқишига киритилади.

АҚШ энергетика вазирлиги маълумотларига қараганда, нефтнинг товар захиралари мамлакат бўйлаб 4.8 млн баррелга ўсиб, 490.7 млн баррелни ташкил қилган. Бу 1930 йилдан буён кузатилган максимумдир.

Кўпроқ янгиликлар