Туркия бош вазири Аҳмат Довудўғли Ироқнинг Башик деган жойидаги (Мўсулга яқин) Туркия ҳарбий қароргоҳига ИШИД томонидан уюштирилган ҳужум тафсилотлари ҳақида гапириб берди. Шунингдек, ҳукумат раҳбари бу воқеа Ироқда Туркия аскарлари туриши лозимлигини яна бир бор кўрсатиб берганини таъкидлади.

Илгарироқ Туркия бош штаби ИШИД жангарилари Башик қароргоҳини артиллериядан ўққа тутганини тасдиқлади. Бунинг оқибатида 4 нафар туркиялик ҳарбий хизматчи жароҳат олган.
“Афсуски, ироқлик зобитлардан бири ҳалок бўлди, 4 нафар туркиялик ҳарбий енгил жароҳат олди. Улар Туркияга етказилди, уларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Биз вазиятни бош штаб бошлиғи билан муҳокама қилдик.

Бизнинг ҳарбийларимиз муносиб жавоб қайтаришган, ИШИД позицияси йўқ қилинган. Бу бизнинг кучимизни кўрсатиш нуқтаи назаридан жуда муҳимдир. Биз у ерда бўлишимиз зарур, Ироқ ҳукумати қонуний бошқарув органларини яратгунига қадар”, - деди бош вазир Анқара аэропортида унинг Брюсселга учиб кетишидан олдин ўтказилган матбуот анжуманида.

Унинг таъкидлашича, Туркия ҳарбийларининг Мўсулда бўлиши Ироқ суверенитетига таҳдид солмайди ва террорчиликка қарши кураш ишига ҳисса қўшади.