Мобил операторлар: байрам кечаси уяли алоқа муаммо бўлмайди

Ўзбекистон 17 Декабрь 2015 5259

Янги йил кечаси уяли алоқа тармоқлари юкламасининг кескин ортиб кетиши билан мобил операторлар фаолиятида узилишлар ва носозликлар тез-тез кузатилиб туради. Ахир бир пайтнинг ўзида миллионлаб абонентлар яқинларини табриклаш учун мобил алоқага мурожаат қилади.

Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида алоқа операторлари қандай чора-тадбирларни амалга ошираётганлари ҳақида “Даракчи” газетасида маълумот беришди.
“SMS-марказимизда юкламалар ҳажми ошиб кетмаслиги учун қисқа муддатли режали иш режимига ўтилади, - деди Unitel МЧЖ жамоатчилик билан алоқалар хизмати раҳбари Ораз Абдураззоқов. – Асосий тизимда ҳам профилактик қайта юклаш амалга оширилади.

31 декабрь куни эса барча ҳудудларда тармоғимиз сиғимини кенгайтирамиз... Бирор муаммо юз берган тақдирда ҳам бу абонентларимизга таъсир қилмаслиги керак”.
Бундан ташқари, у алоқа сифати кўп жиҳатдан электр таъминотига ҳам боғлиқлигини эслатиб ўтди: “1 январга ўтар кечаси ҳаво қанча совуқ бўлса, юклама ҳам шунча ортади. Шунинг учун биз юзлаб базавий станцияларимиз ҳар қандай вазиятда узлуксиз ишлашини таъминлаш учун Янги йилга дизель-генераторлар ва қуёш батреялари билан таъминлаганмиз”.

“Абонентлар талабини қондириш, тезкор ахборот алмашинувини таъминлаш мақсадида техник бўлим билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз, - дейди “Ўзтелеком” АКнинг “Узмобайл” филиали 1-тоифали call-маркази мутахассиси Бахтиёр Мирҳабибов. – Операторларимизнинг хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга ҳам катта эътибор берамиз”.

“Узмобайл” 1-тоифали call-маркази мутахассиси Умида Анорқулованинг таъкидлашича, Янги йил кечаси ишнинг авж нуқтаси соат 23:00дан бошланади. Юкламалар ҳажми ортиб, SMS-хабарлар ўз вақтида манзилга етиб бормай қолса, операторлар бу масала юзасидан мурожаат қилганларга вазиятни тўғри тушунтириши ва имкон қадар ёрдам бериши талаб қилинади.

UMS МЧЖ матбуот котиби Элина Сакаеванинг таъкидлашича, Янги йил кечаси call-марказ қўшимча операторлар билан кучайтирилган тизимда ишлайди, шунингдек, масъул раҳбарлар ҳам доимий алоқада бўлади. Бундан ташқари, компаниянинг техник блоки махсус ишлаб чиқилган режа асосида ишлашга ўтган.
“Мазкур блок тармоқни меъёридан ошган юкламалар режимига улайди, - тушунтиради мутахассис. – Бу эса катта миқдордаги овозли ва интернет трафиги интенсивлигини оширади”.

Кўпроқ янгиликлар